Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида жойлашган "Янги Авлод" махсус саноат зонаси ҳудудида юқори технологияли янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

2026-йил 20-апрел куни "Robotis" МЧЖ ХК компанияси "Автоном роботлар ва улар учун компонентлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" лойиҳасини амалга ошириш мақсадида ўтказилган аукцион савдоларида ғолиб деб топилди.

Лойиҳа "Янги Авлод" МСЗ ҳудудидаги 10,98 гектар ер майдонида жойлаштирилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун умумий қиймати 69,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади.

Мазкур лойиҳа доирасида замонавий автоном роботлар, роботлотехника маҳсулотлари ҳамда улар учун эҳтиёт қисмлар ва компонентлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Лойиҳанинг ишлаб чиқариш ҳажмларининг асосий қисми экспортга йўналтирилган бўлиб, маҳсулотларни Япония, Корея Республикаси, АҚШ ҳамда бошқа ривожланган давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа юқори технологияларни ҳудудга олиб кириш, саноатни модернизация қилиш ва инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 2098 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

"Янги Авлод" МСЗ ҳудудида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий саноат инфратузилмасини ривожлантириш ва мамлакат инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.